СУБҲОНҚУЛИ ХОННИНГ БАЛХДАГИ МАДРАСАСИ ВАҚФ ТАЪМИНОТИ ВА БОШҚАРУВИГА ДОИР (182-188-bet)
Annotatsiya
Мақолада Субҳонқули хоннинг Балх шаҳридаги мадрасасига оид вақф ҳужжати асосида таълим муассасасининг иқтисодий таъминоти, бошқарув тартиби ва мулкий ҳуқуқларига оид масала таҳлил қилинади. Тадқиқотда вақфнома таржимаси, унга илова қилинган суд қарори ҳамда тақдим этилган манбашунослик шарҳидан фойдаланилди. Натижалар мадраса таъминоти қишлоқ ерлари, шаҳар савдо объектлари ва хизмат кўрсатиш муассасалари даромадларига таянганини кўрсатади. Вақф шартларида мулкни сақлаш, таъмирлаш, хизматчиларга ҳақ тўлаш ва талабаларни таъминлаш ўзаро боғлиқ вазифалар сифатида белгиланган. Калит сўзлар: Аштархоний сулоласи, Субҳонқули хон, Балх, мадраса, вақфнома, вақф мулки, мутаваллий, қози, таълим таъминоти, мулкий низо. Кириш: Вақфномалар муайян мулкни диний, таълимий ёки хайрия мақсадларига вақф сифатида ажратишни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштирган ҳужжат саналади. Уларда вақфга берилган мулклар, улардан олинадиган даромадни сарфлаш тартиби, бошқарув шартлари ва мутаваллининг вазифалари белгиланган. Шу жиҳатдан вақфномалар мадраса ва бошқа муассасаларнинг моддий таъминоти, мулкий муносабатлар ҳамда хўжалик бошқарувини ўрганишда муҳим. Марказий Осиёда хусусан, Бухоро хонлиги тарихи вақф мулкчилиги масалалари юзасидан бир қатор тадқиқотлар олиб борилган. Р. Д. Макчезни Балхдаги вақф мулкларини ўрганиб кенг илмий жамоатчиликка маълум қилган [1, 265 - 266.]. О. Д. Чехович Самарқанд ҳужжатлари асосида Хўжа Аҳрорнинг Марказий Осиё ва Афғонистондаги мулкларига доир маълумотларни илмий муомалага киритган [2, 256266]. К. З. Ашрафян эса О. Д. Чеховичнинг «Бухарские документы XIV в.» китобига ёзган тақризида Бухоро вақфларини ўрганишда мазкур ҳужжатларнинг аҳамиятига эътибор қаратган [3]. Афғонистоннинг иқтисодиёти ва аграр муносабатлари бўйича мутахассис россиялик шарқшунос А. Д. Давыдов XVII аср вақфномаси асосида Балхдаги Субҳонқули хон мадрасаси мулкларини ўрганган. (Унинг тадқиқотидан Р. Г. Мукминова ҳам вақф хўжалиги ва аграр муносабатларни таҳлил қилишда фойдаланган [4. 352 с.]). Мазкур тадқиқотлар вақфнома мулкчилиги тарихини кенгроқ ўрганишга, шунингдек, ўрта аср жамиятида мадарсалар таълимининг қандай моддий шароитлар асосида ташкил этилганини ёритишга имкон беради. Субҳонқули хоннинг Балхдаги мадрасасига оид вақфномада мадрасанинг меъморий тузилиши, вақфга берилган мулклар, даромадларни сарфлаш йўналишлари, хизматчилар вазифалари ва бошқарув шартлари ҳақида маълумот келтирилган. Мазкур материалнинг аҳамияти шундаки, у ҳукмдор ҳомийлигини фақат бино қурдириш билан боғлиқ ҳолда эмас, балки таълим муассасаси учун давомли даромад манбаларини ажратиш, уларни бошқариш ва ҳимоя қилиш жараёни сифатида ўрганишга ёрдам беради. Тадқиқотнинг мақсади: Субҳонқули хон мадрасаси вақфномаси асосида таълим муассасасининг иқтисодий таъминоти, бошқарув ваколатлари ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартибини очиб беришга қаратилган. Шу мақсаддан келиб чиқиб, вақф мулкларининг таркибини аниқлаш, даромадларни тақсимлаш шартларини таҳлил қилиш, мутаваллий ва қозининг вазифаларини кўр
Bibliografik iqtibos
Сангирова Д. Х.. СУБҲОНҚУЛИ ХОННИНГ БАЛХДАГИ МАДРАСАСИ ВАҚФ ТАЪМИНОТИ ВА БОШҚАРУВИГА ДОИР // O‘zbekistonda tarixiy va madaniy yodgorliklarni tadqiq qilishda tarix va san’atshunoslik sohalarining o‘zaro hamkorligi: muammo, yechim va istiqbollari. Guliston davlat pedagogika instituti, 2026, B.182-188. — https://konferensiya.gspi.uz/maqola/2202
Yuklanmoqda...